Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилишича, жорий йилнинг 6 август куни Россиянинг Мордовия Республикаси Лямбир туманидаги Блохино қишлоғи яқинида М-5 "Урал" автомагистралининг 180-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Маълумотга кўра, МАЗ русумли юк автомашинаси билан Ўзбекистон давлат рақамидаги Chevrolet Spark енгил автомобили тўқнашган. Оқибатда Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси — 30 ва 29 ёшли икки шахс ҳалок бўлган.
Шунингдек, яна уч нафар Ўзбекистон фуқароси — 24, 37 ва 20 ёшли шахслар турли тан жароҳатлари билан Мордовия Марказий клиник шифохонасига ётқизилган. Бош консулхона маълумотига кўра, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, шифохонадан жавоб берилган.
Ҳодиса Бош консулхона назоратига олинган. Маҳаллий ваколатли органлар билан ҳамкорликда ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадларини суд-тиббий экспертизаси ва бошқа зарур расмий жараёнлар якунланганидан сўнг Ўзбекистонга қайтариш ишлари Миграция агентлиги томонидан амалга оширилмоқда.
Бош консулхона ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жабрланган фуқароларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаган.

Изоҳлар мавжуд емас