Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анвар Отахўжаев коррупция ва мансабдорлик жиноятлари бўйича айбдор деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Суд, шунингдек, унга уч йил давомида давлат хизмати ҳамда моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлашни тақиқлади.
Тергов маълумотларига кўра, собиқ ҳоким тадбиркордан 35 сотих ер майдонида кўп қаватли уй қуриш ҳуқуқини олиш ва лойиҳани молиялаштиришда ёрдам бериш эвазига 60 минг АҚШ доллари талаб қилган. Давлат айбловчиси суд жараёнида унга 15 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраган эди.
Суд ҳукмига мувофиқ, жазо муддати 2025 йил 30 август — Анвар Отахўжаев амалда қўлга олинган санадан бошлаб ҳисобланади.
Мазкур жиноят иши бўйича яна беш нафар судланувчи ҳам жавобгарликка тортилди. Улардан уч нафари 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилган, икки нафарига 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари, яна бир нафарга эса 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Ҳукм ҳозирча қонуний кучга кирмаган бўлиб, тарафлар уни апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Изоҳлар мавжуд емас