Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Халқ демократик партияси сўнгги кунларда айрим ҳудудларда фуқароларнинг уй-жойларини ободонлаштириш юзасидан уларнинг хонадонларига кирилиши, шунингдек, "Уятли хонадон" ва "Шармандали маҳалла" каби тамғаларни қўллаш ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий баёнот билан чиқди.
Аввалроқ Чиноз ҳокими маҳаллани "шармандали", айрим уйларни эса "уятли хонадон" деб эълон қилишни таклиф қилганди.
Партия баёнотида бундай хатти-ҳаракатлар инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, шахсий ҳаёти ва уй-жой дахлсизлигига оид Конституцияда белгиланган ҳуқуқ ҳамда кафолатларга мос келмаслиги таъкидланган.
Баёнотда қайд этилишича, маҳалла ва хонадонларни обод қилиш эзгу ташаббус бўлса-да, бу жараён шахсий намуна, ижтимоий ҳамкорлик, қонунга ҳурмат ва амалий кўмак асосида амалга оширилиши лозим. Шунингдек, ҳудудларнинг ободлиги йўл, ичимлик суви, электр, газ таъминоти, муҳандислик коммуникациялари ва чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш каби вазифаларнинг самарали бажарилишига ҳам боғлиқ экани таъкидланган.
Партия, шунингдек, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, қонунда назарда тутилмаган маъмурий чораларни қўллашга уриниш демократик ҳуқуқий давлат тамойилларига зид эканини билдириб, мутасаддиларни аҳоли билан мулоқотда қонун устуворлиги, инсон қадри, ижтимоий тенглик ва ижтимоий шериклик тамойилларига амал қилишга чақирган.

Изоҳлар мавжуд емас