Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг Учқўрғон туманида тадбиркорлар билан ўтказган учрашувида ҳудуднинг туризм ва хизмат кўрсатиш салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, "Мустақиллик" маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Норин дарёси ўртасидаги 12 гектарлик "Оролча" табиий майдонида замонавий экотуристик марказ барпо этиш режалаштирилмоқда.
Расмий берилган хабарга кўра, мазкур лойиҳа доирасида 50 та янги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаси ишга туширилиб, 100 нафар аҳоли доимий иш билан таъминланади. Натижада хизмат кўрсатиш соҳасида қўшимча 30,8 миллиард сўмлик иқтисодий ҳажм шаклланади. Норин дарёси ва 12 та йирик канал туташган ушбу ҳудуддаги янги маскан туманнинг туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланган.
Ушбу ташаббус ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда табиат қўйнида дам олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Олдинроқ Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида жойлашган Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига туташ 37 гектар майдонни комплекс ривожлантириш ва аҳоли учун очиқ жамоат паркига айлантириш ишлари бошланганди.

Изоҳлар мавжуд емас