Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилоятининг Паяриқ туманида 3 ёшли боғча тарбияланувчиси мактаб ҳудудидаги сув ҳавзасига тушиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. Мазкур фожиа юзасидан ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, воқеа жорий йилнинг 5 июнь куни Паяриқ тумани, "Сарбозор" маҳалла фуқаролар йиғинида содир бўлган. 2023 йилда туғилган бола "Юлдузча" нодавлат мактабгача таълим ташкилотидан чиқиб, муассаса ёнидаги умумтаълим мактаби ҳудудига ўтган.
У ерда фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун қурилган сув ҳавзасига тушиб кетган ва ҳаётдан кўз юмган.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳалок бўлган боланинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеанинг келиб чиқиш сабаблари ва масъулларнинг жавобгарлиги масаласини ўрганмоқда.
Аввалроқ Андижон вилояти Балиқчи туманида Қорадарёда чўмилиш вақтида чўкиб кетган вояга етмаган ўсмирнинг жасади қидирув ишларидан сўнг топилганди. Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси расмий муносабат билдирди.

Изоҳлар мавжуд емас