Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий ҳафта давомида Ўзбекистон ҳудудларида иссиқ ва беқарор об-ҳаво кузатилади; ҳарорат энг чекка жанубий туманларда +43 даражагача кўтарилади. Ўзгидромет хизмати агентлигининг хабар беришича, ҳафтанинг биринчи ярмида иссиқ ҳарорат фонида республиканинг кўплаб вилоятларида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда.
Синoптикларнинг маълумотига кўра, 15-16 июнь кунлари кундузги ҳаво ҳарорати республика бўйича +35…+38 даража, чўл ҳудудларида +39…+41 даража, жанубда эса +41…+43 даража атрофида бўлади. Аммо 17-19 июнь кунларига келиб ҳаво ҳарорати 3-4 даражага пасаяди. Ҳафта давомида шамол тезлиги вақти-вақти билан 13-18 м/с гача, шимол ва чўл зоналарида эса 20-22 м/с гача кучайиб, чанг-тўзонларни келтириб чиқариши мумкин. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан ёғадиган кучли ёмғирлар сабабли сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келиши хавфи мавжуд.
Пойтахт Тошкентда ҳам ҳафта давомида беқарор об-ҳаво кузатилади. 15-16 июнь кунлари кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиб, ҳарорат кундузи +36…+38 даража бўлиши кутилаётган бўлса, 17 июндан бошлаб ҳарорат сезиларли даражада пасайиб, кундузи +31…+34 даражани ташкил этади.

Изоҳлар мавжуд емас