Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Шота Руставели кўчасида олиб борилаётган қурилиш ишлари давомида оқова сув қувурига шикаст етказилгани ҳамда ифлосланган сув Салар каналига сизиб чиқаётгани тўғрисидаги хабарлар тарқалганди. Мазкур ҳолатга муносабат билдириш ва вазиятни жойида ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан тезкор ишчи гуруҳ тузилди.
Бошқарма бошлиғи А.Расулов раҳбарлигидаги гуруҳ таркибига Атроф-муҳит мониторинги, иқлим ўзгаришига мослашиш ва гидрометеорология таҳлилий лабораторияси мутахассислари ҳамда Яккасарой тумани экология назорати инспекторлари жалб этилган. Воқеа жойида ўтказилган текширувлар давомида, қурилиш жараёнида эҳтиётсизлик оқибатида оқова сув қувури ёрилгани ва бунинг натижасида ифлосланган сувлар тўғридан-тўғри Салар каналига оқаётгани ўз тасдиғини топган.
Юзага келган экологик ҳолат юзасидан бошқарма таҳлилий лабораторияси ходимлари томонидан канал сувидан белгиланган тартибда махсус намуналар олиниб, лаборатория экспертизасига юборилган.
Тошкент шаҳар Экология бош бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, лаборатория таҳлиллари ва ўрганиш якунлари асосида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларини бузган масъулларга нисбатан қонунчилик доирасида кескин чоралар кўрилади. Суриштирув натижалари бўйича қўшимча маълумот берилиши таъкидланган.

Изоҳлар мавжуд емас