Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва Божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган кўрик давомида Афғонистондан кириб келган юк машинасида катта миқдордаги гиёҳвандлик моддаси аниқланди.
Текширув давомида автомашина юкхонасидаги картошка маҳсулотлари орасига худди картошка кўринишида ясалган 222 дона бўлак яширилгани маълум бўлган. Экспертиза натижаларига кўра, ушбу бўлаклар жами 72 килограмм 300 грамм оғирликдаги "гашиш" моддаси экани тасдиқланган.
Дастлабки суриштирув маълумотларига кўра, ушбу гиёҳвандлик воситалари Россия Федерациясига олиб кетилаётган бўлган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли органлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
ДХХ фуқаролардан шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда 1520 қисқа рақамига хабар беришни сўраб, шахснинг сир сақланиши кафолатланишини эслатиб ўтган.
Аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг ҳукмига кўра, Тожикистондан йирик ҳажмдаги гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний олиб кирган ва сотишни режалаштирган беш нафар шахснинг ҳар бирига 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди. Судланувчилар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг чегарани бузиб ўтиш (223-модда), контрабанда (246-модда) ва гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш (273-модда) каби қатор моддалари билан айбдор деб топилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас