Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида жойлашган, умумий ҳажми 1,5 миллиард куб метрдан ортиқ бўлган йирик "Таллимаржон" сув омбори қирғоқларида минглаб чавоқ балиқларнинг оммавий равишда нобуд бўлиб ётгани акс этган видеолавҳалар тарқалди. Воқеа эко-фаоллар ва маҳаллий аҳолининг кескин эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Ушбу экологик фожиа қаршисида Экология вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги каби масъул ташкилотлар ҳозирча сукут сақламоқда. Бунинг натижасида сув таркиби бўйича сўнгги бор қачон лаборатория таҳлиллари ўтказилгани-ю, сув сатҳининг нотўғри бошқарилиши ёки заҳарли чиқиндилар оқизилиши бу қирғинга сабаб бўлдими, деган ҳақли саволларни жавобсиз қолдирилмоқда.
Аслида, сув омборларида балиқларнинг оммавий нобуд бўлиши, одатда, сувда кислород танқислиги (гипоксия), сув сатҳининг кескин пасайтирилиши, қирғоқ бўйлаб қишлоқ хўжалиги заҳарли химикатлари ёки саноат чиқиндиларининг оқизилиши натижасида содир бўлади.
Бундан ташқари, сув омборига туташ бўлган "Таллимаржон ИЭС" ёки йирик насос станциялари фаолиятидаги техник жараёнлар ҳам экотизимга жиддий путур етказган бўлиши мумкин.
Эко-фаоллар Экология вазирлигидан вазиятни шахсан назоратга олишини, ҳолат бўйича зудлик билан мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузиб, фожиага йўл қўйган ва биохилма-хилликка жиддий зарар етказган мансабдорларга нисбатан қонуний чора кўрилишини ҳамда жамоатчиликка аниқ ва очиқ маълумот берилишини талаб қилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас