Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 14 июль куни соат 13:30 дан бошлаб Тошкент туманидаги қатор маҳаллаларда ва ушбу ҳудудларда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларида электр энергияси етказиб бериш вақтинча тўхтатилди. Бунга юқори кучланишли ҳаво тармоғида юзага келган носозликни бартараф этиш бўйича тезкор таъмирлаш ишлари бошлангани сабаб бўлган.
"Миллий электр тармоқлари" корхонасининг маълум қилишича, 35 киловатт кучланишли "Л-Сариагач" ҳаво узатиш тармоғининг 46–47-сонли таянчлари (устунлари) оралиғидаги электр симлари шикастланган. Ҳозирда соҳа мутахассислари томонидан узилган симларни қайта улаш ва носозликни бартараф этиш бўйича таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Хавфсизлик чораларини таъминлаш мақсадида 35/6 киловатт кучланишли "Мустақиллик" подстанциясидан чиқувчи "Навоий", "Кўктерак", "Масалбой", "Маърифат" ва "Култепа" фидерлари орқали таъминланувчи бир қатормаҳаллаларда электр энергияси вақтинча ўчирилган.
Хусусан, Заргар, Хиёбон ва Мажнунтол, Кўктерак, Соҳибкор ва Сағбон, Учсада, Ободлик ва Маърифат, Фаровон, Уч-чинор ва Калас, Чувалачи, Ширин, Гултепа ва Истиқбол маҳаллаларида электр бўлмайди.
Электр таъминоти тизимидаги узилишлар таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланиб, юзага келган нуқсон бартараф этилгунга қадар давом этади. Корхона келтирилган вақтинчалик ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраган.

Изоҳлар мавжуд емас