Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд шаҳрида қишки кийим кийиб, юзини ниқоб билан яширган ва ўзида портловчи модда борлигини даъво қилиб банкни ўмармоқчи бўлган шахс ИИВ Қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан воқеа жойида қўлга олинди.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур фавқулодда ҳодиса жорий йилнинг 13 июль куни соат 17:00 атрофида шаҳарнинг Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган банклардан бирида юз берган.
Ташвишли хабар келиб тушганидан сўнг тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимлари уч дақиқа ичида воқеа жойига етиб борган. Қора сумка кўтарган номаълум шахс банк биноси ичидаги ойналарни синдириб, ходимлардан пул талаб қилаётган бўлган.
Ҳудудга зудлик билан ички ишлар органлари ҳамда тез тиббий ёрдам ходимлари ҳам жалб этилиб, қўриқлаш хизмати вакиллари гумондор билан музокара олиб борган ва уни зарарсизлантирган. Ҳодиса оқибатида банк ходимлари ва фуқаролардан ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Дастлабки суриштирув маълумотларига кўра, вояга етган ушбу фуқаро пулни осон йўл билан қўлга киритиш мақсадида мазкур жиноятга қўл урган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан олдин Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида бир неча йил давом этган яширин ишқий муносабатлар ўзаро жанжал ортидан мудҳиш жиноятга айланиб кетганди. Хонадондаги тортишувдан сўнг шериги билан тил бириктирган аёл эркакни тош билан уриб хушидан кетказишган ва унинг пул ҳамда телефон аппаратларини босқинчилик йўли билан қўлга киритишган эди.

Изоҳлар мавжуд емас