Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қашқадарё вилоятида ҳаво ҳароратининг +44 даражагача кўтарилиши ортидан йўлларни ҳимоя қилиш мақсадида оғир юк автомобиллари учун кундузги ҳаракатга вақтинчалик чекловлар киритилди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу чеклов Қарши шаҳри, туман марказлари ҳамда уларни боғловчи умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида ҳар куни соат 09:00 дан 19:00 гача амал қилади.
Гидромeteorология хизмати маълумотларига кўра, куз кунларида ҳаво ҳарорати +42...+44 даражагача кўтарилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай жазирамада асфальт-бетон қопламасининг ҳарорати +70...+75 даражагача қизиб кетади. Натижада йўл қопламасининг юк кўтариш қобилияти пасайиб, оғир юк машиналари таъсирида йўлларда ғилдирак излари, чуқур деформациялар ва жиддий техник нуқсонлар юзага келиш хавфи ортади.
Шу сабабли давлат бюджети ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қурилган ҳамда таъмирланган автомобил йўлларида оғир транспортларнинг кундузи ҳаракатланиши чекланади. Вилоят ҳокимлиги юк ташувчи ташкилотлар ва ҳайдовчилардан ушбу вақтинчалик тартибга қатъий риоя қилишни ҳамда иш вақтини тунги вақтларга режалаштиришни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида ҳам худди шундай тартиб жорий этилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас