Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Божхона органлари билан ҳамкорликда Тошкент вилояти ва пойтахтда йирик миқдордаги хорижий валюта билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларни аниқлади. Тезкор тадбирлар давомида "Навоий" чегара-божхона постида 240 минг долларни ноқонуний олиб чиқиб кетишга уринган шахслар ҳамда Юнусобод туманида қалбаки 8400 долларни сотаётган жиноятчилар ушланди.
Маълум қилинишича, биринчи ҳолат Тошкент туманидаги "Навоий" чегара-божхона постида қайд этилган. У ерда 21 ва 17 ёшли икки нафар Қозоғистон фуқароси ходимлар томонидан шахсий кўрикдан ўтказилган. Текширув чоғида ушбу шахслар валютани божхона назоратидан яшириш учун ўз оёқларининг болдир қисмига скоч билан пулларни бойлаб олишгани аниқланган. Уларнинг биридан 160 минг, иккинчисидан эса 80 минг доллар чиққан.
Иккинчи ҳолатда эса ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан қалбаки пулларнинг муомалага киритилиши олди олинган. Қибрай туманида яшовчи, 27 ёшли фуқаро Туркиядан олиб келинган сохта 8400 долларни Юнусободда истиқомат қилувчи 29 ёшли шериги билан сотишга келишган. Улар қалбаки пулларни "шартли харидор"га 3800 ҳақиқий долларга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас