Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилояти ҳокимлиги аҳоли мурожаатлари билан ишлашда камчиликларга йўл қўйган ва ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашган 11 нафар раҳбарни лавозимидан озод этди, яна 8 нафарига интизомий жазо чоралари қўлланди.
Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси доирасида Тошкент вилояти ҳокими томонидан танқидий йиғилиш ўтказилган. Унда аҳоли мурожаатларининг кўпайиши ва уларга беписанд муносабатда бўлиш ҳолатлари кескин қораланган. Натижада, такрорий мурожаатлар сони ошишига сабаб бўлган бир қатор масъуллар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.
Ишдан олинганлар орасида туман ҳокимларининг ўринбосарлари ва бошқармаларнинг бош мутахассислари бор. Хусусан, Бўка ва Янгийўл туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимининг қурилиш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, Ёшлар ишлари агентлиги, Маҳаллалар уюшмаси, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш бошқармаларининг бош мутахассислари, Янгийўл тумани, Нурафшон ва Янгийўл шаҳарларидаги Халқ қабулхоналари мутахассислари лавозимидан озод этилган.
Бундан ташқари, 8 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилди. Янгийўл, Оҳангарон, Олмалиқ шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари ҳамда Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги аппарат раҳбарига ҳайфсан берилган. Зангиота тумани ҳокими биринчи ўринбосари, Бўстонлиқ тумани ва Ангрен шаҳар ҳокимлиги мутахассисларига ойлигидан 30 фоиз ушлаб қолиш жаримаси қўлланган.
Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимининг инвестициялар бўйича ўринбосари ва Пискент тумани Халқ қабулхонаси мутахассиси фаолиятидаги сусткашликлар учун қатъий огоҳлантирилган. Вилоят ҳокимлиги бу каби чоралар келгусида ижро интизомини мустаҳкамлаш ва халқ билан мулоқот сифатини оширишга хизмат қилишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзбекнефтгаз" компанияси бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов раислигида ўтган йиғилишда "Нефтгазмонтаж" корхонасидаги тизимли муаммолар кескин танқид қилиниб, бир қатор раҳбарлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас