Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларида 1 900 дан ортиқ боланинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят иши Бўка туман судига келиб тушди. Жами 11 нафар шахс, жумладан Shark Milk Product компанияси раҳбарияти ва бошқа хизмат кўрсатувчи корхоналар вакиллари хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва санитария қоидаларини бузишда айбланмоқда.
Сентябрь ойида қайд этилган мазкур оммавий заҳарланиш ҳодисаси бир нечта туманларни қамраб олганди. Энг кўп жабрланганлар Бўстонлиқ (537 нафар), Пскент (430 нафар), Оққўрғон (413 нафар), Олмалиқ (285 нафар), Нурафшон (113 нафар), Бекобод (98 нафар), Қуйи Чирчиқ (64 нафар) туманлари ҳиссасига тўғри келган.
Судга тақдим этилган ҳужжатларга кўра, айбланувчилар орасида Shark Milk Product компаниясининг директорлари, таъсисчилари, бош технологи, лаборантлари, шунингдек, Governess Business, Kinder Garden Group, Innavation Outsourcing Servise ва Nishon invest компаниядари директорлари бор. Судланаётганлар 26 ёшдан 44 ёшгача бўлган фуқаролардир.
Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-модда, 4-қисм, "б" банди (Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш (оғир оқибатларга олиб келган ҳолда)), 257-1-модда 1-қисми ( Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) бўйича айблов эълон қилинган.
Ҳозирда 11 нафар айбланувчидан 10 нафарига нисбатан қамоққа олинган. 1 нафарига эса уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган. Бўка туман суди ҳозирда жиноят ишини кўриб чиқишни тайинлаш масаласини ўрганмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас