Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.Тошкент шаҳар Миробод туман судида жорий йилнинг февраль ойида содир бўлган йўл-патруль хизмати инспекторини уриб юборишда айбланаётган вояга етмаган ҳайдовчига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бошланди.
Биринчи мажлис 26 июнь куни бўлиб ўтди ва ёпиқ режимда ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, 25 февраль куни Тошкент шаҳридаги хусусий мактаблардан бирининг 15 ёшли ўқувчиси ҳайдовчилик гувоҳномаси ва ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлмаган ҳолда BMW М4 русумли автомашинани бошқариб, хизмат вазифасини бажараётган йўл-патруль хизмати инспекторини уриб юборган эди.
Тергов маълумотларига кўра, ўсмир танишининг қариндошлари - автомобиль эгаларининг топшириғига биноан автомашина турган автоювишхонадан ўзбошимчалик билан автомобилни олиб кетган. У ҳайдовчилик гувоҳномаси ва транспортга оид ҳужжатлари бўлмаган ҳолда Миробод тумани Нукус кўчаси бўйлаб ҳаракатланган.
ЙПХ инспектори тўхтатиш ҳақида ишора берган. Бошқа автомобиллар тўхдаган, бироқ ўсмир, тергов маълумотларига кўра, машиналарни кескин айланиб ўтиб, ходимни қасддан уриб юборган, шундан сўнг қочиб кетган. Икки кундан кейин инспектор касалхонада вафот этди.
Kun.uz ёзишича, вояга етмаган йигитга дастлаб Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) ва 104-моддаси (ўлимга олиб келган қасддан оғир шикаст етказиш) 3-қисми "д" банди билан айблов эълон қилинган. Бироқ, ишни кўриб чиқиш босқичида олиб қочиш моддаси бўйича айблов олиб ташланди ва жараён фақат 104-модда бўйича олиб борилмоқда.
Судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси сақлаб қолинди. Унинг вояга етмаган мақомини ҳисобга олган ҳолда, суд мажлислари ёпиқ форматда ўтказилади ва очиқ эшитувлар жадвалида эълон қилинмайди.

Изоҳлар мавжуд емас