Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Юқори Бўзсув каналида чўмилиш мақсадида сувга тушиб, эҳтиётсизлиги оқибатида бир фуқаро чўкиб кетган. Фуқаронинг жасади махсус қидирув ишларидан сўнг топилган.
Шаҳар ФВББ Махсус-қутқарув отрядининг ғаввос-қутқарувчилари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида марҳумнинг жасади соат 18:35 да чўккан жойидан тахминан 100 метр узоқликдан топилиб, тегишли хизмат ходимларига топширилган.
Шу билан бирга, ходимлар мазкур нохуш ҳодиса бўйича хабар соат 14:07 да келиб тушгани билдирилган. Қутқарув гуруҳлари ҳамда тегишли масъул ташкилотлар ходимлари зудлик билан ҳодиса жойига етиб бориб, сув ости қидирув амалиётларини йўлга қўйишган.
Мутасадди ташкилотлар томонидан тақиқланган ва белгиланмаган жойларда чўмилиш инсон ҳаёти ва саломатлиги учун ниҳоятда хавфли эканлиги алоҳида таъкидланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси томонидан пойтахт аҳолиси ва меҳмонларидан сувда чўмилиш ҳамда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш сўраб қолган.
Олдинроқ Навоий вилоятининг Кармана туманида уч нафар вояга етмаган ўсмир Зарафшон дарёсида чўкиб кетиши оқибатида ҳалок бўлган эди.

Изоҳлар мавжуд емас