Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қатар Бош вазири Теҳронда Эрон раҳбарияти билан учрашиб, Ҳурмуз бўғозида кемалар ҳаракатини тиклаш ва минтақадаги кескинликни юмшатиш масалаларини муҳокама қилди. Мулоқот АҚШ ва Эрон ўртасида урушни якунлаш бўйича музокараларни қайта бошлашга қаратилган халқаро дипломатик саъй-ҳаракатлар фонида бўлиб ўтди.
Хорижий оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Қатар Бош вазири ва Ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний Теҳронда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи билан учрашиб, Ҳурмуз бўғозидаги вазиятни тартибга солиш масалаларини муҳокама қилди. Томонлар бўғоз орқали вақтинчалик кемалар йўлагини яратиш, шунингдек, уни миналардан тозалаш бўйича эҳтимолий қўшма лойиҳани кўриб чиққан.
Қатар Бош вазири, шунингдек, Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён ва парламент спикери Муҳаммад Боқир Қолибоф билан учрашди. У мулоқот ва дипломатик ечимлар инқирозни бартараф этишнинг энг мақбул йўли эканини таъкидлаб, халқаро ҳуқуққа мувофиқ Ҳурмуз бўғозида кемалар ҳаракати эркинлигини таъминлаш муҳимлигини қайд этди.
Қатар делегацияси Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Моҳсен Резаи билан ҳам учрашди. Резаига кўра, АҚШ аввал Эронга қўйилган денгиз блокадасини бекор қилиши, хорижда музлатиб қўйилган Эрон активларини очиши ва иқтисодий санкцияларни олиб ташлаши керак. Шундан сўнг Теҳрон Ҳурмуз бўғозини очиш масаласини кўриб чиқиши мумкин.
Айни пайтда, Эрон ва Уммон Ҳурмуз бўғози орқали вақтинчалик кемалар йўлагини яратиш бўйича келишувга эришган. Бироқ унинг тўлиқ ишга тушиши АҚШнинг Эронга қўйилган чекловларни бекор қилишига боғлиқ.
Ҳурмуз бўғози жаҳон энергетика бозори учун стратегик аҳамиятга эга. Тинчлик даврида дунёдаги нефть таъминотининг тахминан бешдан бир қисми ушбу сув йўли орқали ўтади. Шу боис бўғоздаги чекловлар глобал энергетика бозорига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Дипломатик фаоллик кучайганига қарамай, томонлар ҳали якуний келишувга эришгани йўқ. Қатардан ташқари, Уммон ва Покистон ҳам АҚШ ва Эрон ўртасидаги зиддиятни юмшатиш ҳамда музокараларни қайта бошлашга қаратилган жараёнда иштирок этмоқда.
Олдинроқ, 17 август куни АҚШ президенти Дональд Трамп Уммон Ҳурмуз бўғози бўйича музокараларга "халақит берса", унга зарба бериш билан таҳдид қилган ва Эронни таслим бўлишга чақирган эди.

Изоҳлар мавжуд емас