Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида йирик миқдордаги синтетик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Қўлга олинганлар орасида тижорат банки мутахассислари борлиги жамоатчилик эътиборини тортди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ходимлари томонидан ўтказилган суриштирув ишлари натижасида Янгийўл шаҳридаги тижорат банкларидан бирида фаолият юритувчи икки нафар мутахассис жиноий йўлга киргани аниқланди. Маълум бўлишича, ушбу шахслар аввалроқ наркокурьерлар томонидан Янгийўл туманидаги дала майдонига яшириб кетилган 485 грамм Альфа-ПВП синтетик гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олишган. Улар заҳарли моддани ўзларининг 28 ёшли танишининг хонадонида сақлаб келаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Бундан ташқари, вилоятнинг Юқоричирчиқ туманида яна бир йирик ҳолат фош этилган. Муқаддам судланган ва ҳозирда пробация ҳисобида турган 33 ёшли шахс шериги билан биргаликда 2 килограмм 381 грамм оғирликдаги Альфа-ПВП моддасини хуфия жойдан олиб кетаётганда тўхтатилган. Аниқланишича, ушбу юқори хавфли синтетик моддалар Телеграммдаги наркодўконлар орқали Россия Федерациясидан Ўзбекистонга олиб келинган.
Ҳозирда мазкур иккала ҳолат юзасидан ҳам Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Қўлга олинган барча шахсларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Олдинроқ Сурхондарёда картошка ичига яширилган 72 килограмм наркотик модда тўхтатиб қолинганди.

Изоҳлар мавжуд емас