Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Тошкентлик икки нафар ёш йигит хайрия қутисини бузиб, масжидни ўмаришган. Мухбиримиз хабар қилишича, ўғрилар 430 минг сўмни олиб кетишган.
Шу билан бирга, йигитлар масжид ҳудудида видеокузатув олиб борилаётганини ҳисобга олишмаган. Улар қутини қандай очганликларини акс этган видео жиноят исботи бўлибгина қолмай, балки Интернетда ҳам жойлаштирилган.
Пойтахтнинг Учтепа туманидаги "Абу Ҳурайра" масжиди қоровули 8-февраль куни навбатчилик қисмига ўғирлик ҳақида хабар берган. Аммо, маълум бўлишича, мазкур ўғрилик сал олдинроқ, яъни 5-6 февралга ўтар кечаси содир этилган.
Қароқчилар 22 ёшли Сухробжон У. ва 27 ёшли Мирзоҳид Д. битта қутини очиб, ундаги пулларни тенг равишда 215 минг сўмдан бўлишганини тан олишди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси маълум қилишича, ўғирланган мулк муассасага тегишли бўлиб, унинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан ошмаган. Шунинг учун Сухробжон ва Мирзохид Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Кодексининг 61-моддаси («Майда ўғирлик») бўйича судга тортилади.
Иш материаллари қарор қабул қилиш учун Учтепа тумани Маъмурий судига юборилган.
Изоҳлар мавжуд емас