Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент қарори асосида ўтказилган ҳуқуқий эксперимент доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тасарруфига ўтказилган учта вазирлик ва иккита акциядорлик жамиятида назорат тадбирлари кескин кучайтирилди. Агентлик ходимларининг бевосита аралашуви ва янги назорат механизмлари ортидан 2025 йилда аниқланган қонунбузилишлар ҳажми 1 триллион 366,4 миллиард сўмга етди.
Ҳудудий ва соҳавий назорат тадбирлари Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари ҳамда «Ўзбекнефтгаз» ва «Ўзсувтаъминот» жамиятларини қамраб олган. Бир йил давомида ўтказилган 921 та ўрганиш ва 120 та хизмат текшируви натижасида 1,1 триллион сўмлик молиявий хатоликлар бартараф этилиб, 96 миллиард сўмлик маблағнинг ноқонуний сарфланишига чек қўйилган.
Текширувлар якунига кўра, тизимда фаолият юритаётган 590 нафар ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилган, 81 нафар масъул шахс лавозимидан озод этилган. Шунингдек, 1 861 та ҳолатда манфаатлар тўқнашувига барҳам берилган.
Коррупцион омилларни камайтириш мақсадида соҳада юқори хавфга эга бўлган 89 та фаолият йўналиши тўлиқ рақамлаштирилган. Топланган материаллар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 63 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, яна 27 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган.

Изоҳлар мавжуд емас