Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ва Прокуратура органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Жиззах вилоятидаги туманлардан бирининг Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи пора олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида мансабдор шахснинг бюджет маблағларини талон-торож қилиш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби бошқа жиноятлари ҳам аниқланган.
Суриштирув маълумотларига кўра, таълим бўлими бошлиғи ўз мансаб ваколатидан фойдаланиб, ҳудуддаги давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирида текширув ўтказмаслик эвазига боғча раҳбаридан 4,8 миллион сўм миқдорида пора талаб қилган. У сўралган пул маблағини тамагирлик йўли билан олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинган.
Тергов жараёнида мансабдор шахснинг фаолияти чуқурроқ ўрганилганда, унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш)дан ташқари, яна бир неча моддалар бўйича айбловлар қўшилган.
Хусусан, унинг ҳаракатларида 167-модда (Ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш), 209-модда (Мансаб сохтакорлиги) ва 243-модда (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) аломатлари аниқланган. Ҳозирда мазкур кўп тармоқли жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Олдинроқ ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти суди судьясининг катта ёрдамчиси ҳамда суд тугатиш бошқарувчиси бир компаниянинг 230 миллион сўмлик қарздорлигини банкротлик иши доирасида бартараф этиб бериш эвазига 10 миллион сўм пора олаётган вақтида ушлангани ҳақида хабар берган эдик. Расмийлар хабарнинг бир қисмини инкор этган эди.

Изоҳлар мавжуд емас