Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги "Маржонбулоқ" темир йўл станциясида 14 ёшли ўсмирнинг вагон томида ток уриши оқибатида оғир тан жароҳати олгани аниқланди. Ҳодиса 24 апрель куни содир бўлган.
Аниқланишича, 7-синф ўқувчиси селфига тушиш мақсадида темир йўл вагони томига чиққан. Ушбу ҳаракати чоғида у юқори кучланишли электр томига яқинлашиб қолган ва ток уриши натижасида жароҳатланган.
Жабрланувчи зудлик билан шифохонага ётқизилиб, реанимация бўлимига жойлаштирилган. Шифокорлар ўсмирда тананинг 35–40 фоиз қисмини қамраб олган иккинчи ва учинчи даражали куйиш ташхисини қўйган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Масъуллар аҳолини, айниқса ёшларни темир йўл ҳудудларидаги хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга ҳамда бу каби хавфли жойларда селфига тушишдан тийилишга чақирмоқда.
Бундан олдин Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ҳам темир йўл вагони устидаги юқори кучланишли электр токи уриши оқибатида вояга етмаган йигит оғир тан жароҳати олганди. Унда ҳам бунга ўсмирнинг расмга тушмоқчи бўлгани сабаб бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас