Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон шаҳрида газ таъминоти тизимида катта миқдордаги маблағ ўзлаштирилиши билан боғлиқ ноқонуний ҳолат аниқланди. "Андижоншаҳаргаз"корхонасининг масъул ходимлари томонидан аҳолига ажратилган суюлтирилган газнинг катта қисми сохта ҳужжатлар орқали талон-торож қилинган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижаларига кўра, корхонанинг суюлтирилган газ бўлими масъуллари 4 та маҳалла ҳудудидаги аҳолига газ етказиб берилгани ҳақида ёлғон маълумотларни электрон дастурга киритишган. Ушбу фирибгарлик оқибатида жами 550 миллион сўмлик суюлтирилган газ маҳсулоти ўғирланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Пискентда 3 миллиард сўмлик сув қувурларини талон-торож қилган мансабдорлар ҳам ушланганди.

Изоҳлар мавжуд емас