Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тиббиёт соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Ҳужжат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини халқаро стандартларга мослаштириш, лицензиялаш ва аккредитациялаш тизимини шаффофлаштириш ҳамда ягона назорат механизмларини ўрнатишни кўзда тутади.
Қарорга кўра, 2030-йилга қадар 3 000 дан ортиқ давлат тиббиёт муассасасини лицензиялаш талабларига тўлиқ мослаштириш режалаштирилган. Шунингдек, тиббий хизматлар сифатини баҳолаш учун 75 та миллий аккредитациялаш стандарти жорий этилади. Барча тиббиёт ташкилотларининг ахборот тизимлари эса "Рақамли соғлиқни сақлаш платформаси"га интеграция қилиниши шарт этиб белгиланди.
2026-йил 1-июлдан бошлаб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги "Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази" тиббий фаолиятни лицензиялаш бўйича ягона ишчи орган сифатида иш бошлайди. Тиббиёт ташкилотларида сифатни назорат қилувчи махсус тузилмаларни ташкил этиш лицензия талаби сифатида киритилган. Назорат жараёнида бизнес-омбудсманни хабардор этиш ва текширувларни рақамли тизимлар орқали шаффоф ўтказиш тартиби белгиланди.
Давлат тиббиёт муассасаларини лицензиялаш босқичма-босқич амалга оширилади: республика даражасидагилар 2027-йил 1-апрелга, ҳудудий даражадагилар 2028-йил охиригача ва туман (шаҳар) даражасидагилар 2030-йил охиригача лицензия олиши мажбурийдир. 2028-йил 1-апрелдан бошлаб, халқаро (ISQua) ёки миллий аккредитациядан ўтмаган муассасалар билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали шартнома тузиш тақиқланади.
Рақамлаштириш йўналишида 2027-йил 1-апрелдан бошлаб тиббиёт ташкилотлари ўз ахборот тизимларини вазирликнинг ягона стандартларига мослаштириши шарт. Бу орқали марказлашган тартибда хизматлар сифатини масофавий баҳолаб бориш имконияти яратилади. Қарор доирасида Марказ фаолиятини ташкил этиш ва кадрларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш учун 20 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланган.
Илгарироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини бепул дори воситалари билан таъминлаш кўлами сезиларли даражада кенгайтираётгани ҳақида хабар берган эдик. Эндиликда амалдаги 28 турдаги дори воситаси ўрнига жами 69 турдаги препарат беморларга бепул тақдим этилади.

Изоҳлар мавжуд емас