Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Словения пойтахти Любляна шаҳридаги дзюдо бўйича Европа Кубогида (Ljubljana European Open 2026) Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 2 та олтин ва 3 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни эгаллади.
Алексей Будолин бошчилигидаги терма жамоа аъзолари мусобақанинг ҳар икки кунида ҳам юқори натижаларни қайд этишган. Мусобақанинг илк кунида Самариддин Қўчқоров (-60 кг) ва Дилшод Ҳамроев (-66 кг) барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, Элбек Тожиев (-73 кг) бронза медалига сазовор бўлган.
Турнирнинг иккинчи — якуний кунида ҳам ўзбекистонлик полвонлар медаллар шодасини бойитишда давом этган. Жумладан, Алишер Саманов (-90 кг) ва Муҳаммадали Тангриев (-100 кг) ўз вазн тоифаларида кучли учликдан жой олиб, бронза медалини нақд қилганлар.
Ушбу натижалар эвазига Ўзбекистон вакиллари фақатгина Италия терма жамоасидан кейинги ўринни эгаллаб, Украина, Словения ва Франция каби кучли жамоаларни ортда қолдиришди.
Мусобақада жами 5 қитъадан 500 нафардан ортиқ дзюдочи иштирок этган. Эндиликда ҳамюртларимиз навбатдаги нуфузли мусобақаларга тайёргарликни давом эттирадилар.
Олдинроқ Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси президенти Баҳромжон Ғозиев Абу-Дабида бўлиб ўтган нуфузли CSI5 мусобақасида биринчи ўринни қўлга киритгани ҳақида маълум қилган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас