Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Қурилаётган “Рақамли Тошкент” вазиятли бошқарув Марказини кузга қадар ишга тушириш режалаштирилган. Муассаса шаҳар ҳаёти ҳақидаги барча рақамли маълумотларни марказлаштириш ва мавжуд маълумотлар асосида турли вазиятлар бўйича қарорлар қабул қилиш жойи бўлиб хизмат қилади. Бу ҳақда Batafsil.uz. мухбири хабар бермоқда.
Марказ қурилиши ўтган йилнинг кузида пойтахт ҳокимлиги ёнида бошланган. Дастлаб уни жорий йилнинг май ойида ишга тушириш режалаштирилган эди, бироқ пандемия режаларни ўзгартирди. Лойиҳа қиймати қарийб 5 миллиард сўмга баҳоланмоқда.
Шаҳар ҳокимлиги билан иккинчи қават даражасида йўлак орқали уланган тўрт қаватли бинода архитектура бўлими, картографлар жамоаси ва пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги рақамли ривожлантириш Департаментининг IT -мутахассислари жойлашади. Бошқа “Рақамли Тошкент” лойиҳаларининг ишлаб чиқувчилари ва менежерлари учун майдон open space форматида тайёрланади.
Алоқа воситалари билан жиҳозланган вазият хонаси марказнинг юраги бўлади. Бу ердаги катта экранга коммунал, шаҳарсозлик, ёнғин ва бошқа хизматлар иши ҳамда барча кўча кузатув камераларидан олинган маълумотлар марказлашган ҳолда келиб тушади. Бу шаҳарда содир бўлган барча ҳодисаларни реал вақтда кузатиш, шунингдек, пайдо бўлган муаммолар ва фавқулодда вазиятларга тезда жавоб бериш имконини яратади.
Кирувчи ахборотларни сақлаш учун дата- маркази яратилади. 30 та идора билан ахборот алмашиш идоралараро маълумотларни узатиш тармоғи доирасида амалга оширилади.
Маълумотларни чуқурроқ англаш учун мутахассисларнинг иш жойлари экран атрофида жойлашади. Расмий шахслар ҳам экрандаги маълумотларни кузатиш ва мутахассисларнинг ишини назорат қилишлари мумкин.
Бундан ташқари, турли фавқулодда вазиятларнинг марказ фаолиятига таъсирини олдини оладиган инфратузилма яратилади. Хусусан, иккита мустақил трансформатор подстанциялари, дизел генераторлари ва узлуксиз электр таъминоти аккумуляторлари орқали электр энергиясини заҳиралаш режалаштирилган.
Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг
Изоҳлар мавжуд емас