Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳўрмуз бўғозида учта нефть танкерига қилинган ҳужумлар ортидан АҚШ Эрон ҳудудидаги 80 дан ортиқ нишонга ҳаво зарбалари берди. Бунга жавобан Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Баҳрайн ва Қувайтда жойлашган АҚШ ҳарбий объектларига ракета ҳамда дронлар билан ҳужум уюштирганини маълум қилди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотига кўра, амалга оширилган операция давомида Ҳўрмуз бўғозидаги ИИҚКка тегишли 60 дан ортиқ тезюрар қайиқ, шунингдек, ракета учириш мажмуалари ва қўмондонлик пунктлари нишонга олинган. Вашингтон ушбу амалиёт халқаро сув йўлларида тижорат кемаларига қилинган ҳужумлар учун жавоб чораси эканини таъкидлаган.
Эрон давлат оммавий ахборот воситалари Қешм ороли, Бандар Аббос ва Сирик ҳудудларига зарбалар берилганини, оқибатда парчалардан жароҳатланганлар борлигини хабар қилган. Теҳрон ҳозирча танкерларга қилинган ҳужумлар учун масъулиятни расман ўз зиммасига олмаган.
Шу билан бирга, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШнинг Баҳрайн ва Қувайтдаги 85 та муҳим ҳарбий объектига, жумладан, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари штаби ҳамда Қувайтдаги авиабазага ракета ва дронлар билан зарба берганини билдирган.
Можаро кучайиши арафасида Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари АҚШнинг ҳаракатларини ўтган ой имзоланган АҚШ—Эрон меморандумини бузиш деб баҳолаб, Теҳрон "кескин чоралар" кўришини маълум қилган эди. Вашингтон эса нефть танкерларига қилинган ҳужумларни "мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳаракат" деб атаб, бунинг оқибатлари бўлишидан огоҳлантирган.
Ҳарбий амалиётлардан олдин АҚШ Эрон нефтини экспорт қилишга оид санкциялар бўйича вақтинчалик енгилликни бекор қилган. Теҳрон бу қарорни ҳам меморандум шартларининг бузилиши сифатида баҳолаб, АҚШ ҳукуматига нисбатан ишончсизликни яна бир бор намоён этганини таъкидлаган.
Ҳўрмуз бўғозидаги танкерларга қилинган ҳужумлар юзасидан ҳам қатор давлатлар муносабат билдирган. Қатар ва Саудия Арабистони ўз танкерлари ҳам ҳужумга учраганини маълум қилиб, бу ҳолат учун Эронни айблаган. Теҳрон эса айбловларни рад этиб, айрим кемалар ҳаракати Эрон билан мувофиқлаштирилмагани ҳамда навигация қоидалари бузилгани хавфли вазиятларни келтириб чиқарганини билдирган.
Шу билан бирга, ўтган ой АҚШ ва Эрон ўртасида 14 банддан иборат англашув меморандуми имзоланган бўлиб, у ўт очишни тўхтатиш ва можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга қаратилган эди. Ҳужжат доирасида Эрон, Уммон ва Форс кўрфази давлатлари Ҳўрмуз бўғозининг келгусидаги бошқаруви бўйича музокаралар ўтказиши белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас