Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ ва Эрон музокарачилари ўзаро тушуниш бўйича 60 кунлик меморандум лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳамда Теҳроннинг ядровий дастури бўйича тўғридан-тўғри музокараларни бошлашни назарда тутади.
Хабарларга кўра, ҳозирда келишув АҚШ президенти Дональд Трампнинг якуний тасдиғини кутмоқда, Эрон томони эса ҳали расмий муносабат билдирмаган.
Меморандум лойиҳаси икки томонлама хавфсизлик ва иқтисодий мажбуриятларни ўз ичига олади. Хусусан, Ҳўрмўз бўғозида "чекловсиз" кема қатновини таъминлаш, Эроннинг бўғозни миналардан тозалаши ва эвазига АҚШнинг денгиз блокадасини юмшатиб, Эрон нефти савдосига вақтинчалик санкциявий истиснолар киритиши белгиланган.
Ҳужжатда, шунингдек, Эроннинг ядровий қурол яратмаслик мажбурияти, уранни бойитиш устидан назорат ўрнатиш ҳамда АҚШнинг санкцияларни бекор қилиш ва гуманитар ёрдам етказиш механизмларини муҳокама қилишга тайёрлиги акс этган. Бундан ташқари, меморандум Исроил ва "Ҳизбуллоҳ" ўртасидаги урушга нуқта қўйишни кўзда тутади.
АҚШ расмийларининг қайд этишича, бўлажак 60 кун Эрон иқтисодиётини тиклаш ва ядровий дастур бўйича амалий қадамлар ташлаш учун имконият ҳисобланади. Бироқ, агар музокаралар муваффақиятсиз якунланса, Дональд Трамп барча иқтисодий ва ҳарбий чораларни, жумладан, минтақадаги ҳарбий контингентни сақлаб қолишни ўз ичига олган вариантларни ишга солиш ҳуқуқини ўзида қолдирмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас