Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ва Ҳиндистон мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши доирасида "Бозорга кириш" бўйича музокаралар якунлангани тўғрисидаги протоколни имзолади. Ушбу муҳим ҳужжат Деҳли шаҳрида расмийлаштирилди.
Ўзбекистон Президентининг ЖСТ масалалари бўйича вакили ва бош музокарачи Азизбек Уруновнинг маълум қилишича, икки томонлама келишувга аслида 2024-йилда эришилган бўлса-да, протокол матнини техник жиҳатдан мувофиқлаштириш учун муайян вақт талаб этилган. Ҳиндистон томони ушбу жараёнда конструктив ёндашув намойиш этиб, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиш истагини қўллаб-қувватлаган.
Айни пайтда протоколнинг асл нусхасини ЖСТ Котибиятига тақдим этиш ишлари бошланган. Бу ҳужжат мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича умумий ҳужжатлар пакетига киритилиб, консолидация қилинади. Ўзбекистон ҳукумати жорий йилда ЖСТга тўлақонли аъзолик жараёнини расмийлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Изоҳлар мавжуд емас