Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россияда меҳнат мигрантларининг фарзандларига рус тилини бепул ўргатиш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда. Ушбу ташаббус билан Свердловск вилояти инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Татьяна Мерзлякова чиқди.
Ҳуқуқ ҳимоячиси маҳаллий телеканал эфирида қилган чиқишида мигрантларнинг фарзандлари учун тил курсларини давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириш зарурлигини таъкидлади.
"Мен болаларга рус тилини бепул ўргатишимиз тарафдориман", — деди Мерзлякова.
Омбудсман ўз чиқишида собиқ СССР давлатларидаги ҳозирги тенденцияларга алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, ҳатто рус тили анъанавий равишда кучли мавқега эга бўлган мамлакатларда ҳам ёшлар тобора кўпроқ инглиз тилида таълим олишни танламоқда.
"Бугунги кунда ёшлар Япониядан тортиб Европагача бўлган хорижий давлатларда таълим олишга интилишмоқда. Биз вазиятни ўзимиз янада қийинлаштирмаслигимиз керак", — дея таъкидлади у.
Мерзлякованинг фикрича, Россия тилнинг хорижда тарқалиш имкониятларини чеклаб, ўз таъсирини ўзи камайтирмоқда. Шу сабабли келаётган оилаларнинг фарзандларига тилни бепул ўргатиш рус тилининг мавқеини сақлаб қолишга ёрдам беради.
Ушбу ташаббус жамиятда аллақачон қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Лойиҳа тарафдорлари буни мигрантлар фарзандларининг жамиятга осонроқ мослашиши (интеграцияси) учун муҳим қадам деб ҳисобламоқда. Танқидчилар эса бу ташаббус давлат бюджетига қўшимча молиявий юк бўлишини айтмоқдалар.

Изоҳлар мавжуд емас