Исроил Ғарбий соҳил ҳудудларини ўз давлат мулки деб эълон қилди
Дунё

Исроил Ғарбий соҳил ҳудудларини ўз давлат мулки деб эълон қилди

29

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Исроил ҳукумати Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги босиб олинган кенг ҳудудларни “давлат мулки” сифатида рўйхатга олиш таклифини маъқуллади. 

Молия вазири Безалель Смотрич, Адлия вазири Ярив Левин ва Мудофаа вазири Исраэль Кац томонидан тақдим этилган режага кўра, фаластинликлар ўз эгалик ҳуқуқини ҳужжат билан исботлай олмаган тақдирда, ерлар Исроил давлати тасарруфига ўтади. Бу қарор 1967 йилдан буён тўхтатиб қўйилган ерларга эгалик ҳуқуқини белгилаш жараёнларини қайта тиклаш имконини беради. 

Янги тартибда, ер участкасига даъво қилувчи ҳар бир шахс эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши шарт. Аммо ўнлаб йиллар давом этган уруш ва истило сабабли кўплаб фаластинликларда зарур ҳужжатлар йўқолган ёки мавжуд эмас, бу эса минглаб одамларни ўз еридан маҳрум қилиши мумкин. 

Қарор асосан Ғарбий соҳилнинг Исроил ҳарбий назорати остидаги “C ҳудуди” (Area C)га тегишли бўлиб, бу ерда 300 мингдан ортиқ фаластинлик истиқомат қилади. Исроилнинг Peace Now ташкилоти маълумотларига кўра, бу жараён орқали Исроил “C ҳудуди”нинг 83%ини ёки бутун Ғарбий соҳилнинг ярмини ўз назоратига олиши мумкин. 

Фаластин президенти маъмурияти ва Ҳамас ҳаракати ушбу қарорни халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши ва “де-факто аннексия” (ҳудудларни мажбуран қўшиб олиш) сифатида баҳолади. Шунингдек, Иордания, Қатар, Миср ва Туркия Ташқи ишлар вазирликлари Исроилнинг ҳаракатини кескин қоралаб, халқаро ҳамжамиятни аралашишга чақирди.

Экспертлар таъкидламоқда: босиб олинган ҳудудларда ерларни мусодара қилиш ёки аҳоли пунктларини қуриш Тўртинчи Женева конвенциясига зид ҳисобланади. Ҳозирда Ғарбий соҳилдаги ноқонуний аҳоли пунктларида 700 мингдан ортиқ исроиллик яшаб келмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг 19 февраль куни Вашингтонда бўлиб ўтадиган Тинчлик кенгаши (Board of Peace) йиғилишида Ғазо секторидаги гуманитар ва қайта тиклаш ишлари учун аъзо давлатлар томонидан 5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилиши эълон қилинади. Шу йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...