Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШнинг Жанубий Калифорния штати, Сими водийсида душанба куни эрталаб бошланган ва "Сенди" деб номланган кучли ўрмон ёнғини қисқа вақт ичида 552 гектар (1364 акр) майдонга тарқалди. Оловнинг хавфли даражаде тез тарқалишига кучли ер усти шамоллари ва ҳаво намлигининг пастлиги сабаб бўлган. Вазият оғирлашгани боис, 13 000 дан ортиқ аҳолини мажбурий эвакуация қилиш бошланди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга инсон омили сабаб бўлган бўлиши мумкин. Сими водийси полиция бошқармаси соат 10:17 атрофида Рудольф Драйв кўчасида бир киши трактор бошқариб кетаётиб, кўз билан кўринмайдиган тошга урилгани ва бундан чиққан учқун туфайли олов келиб чиққани ҳақида хабар олган. Ёнғин тез орада Сенди авенюси яқинроғидаги инфратузилма ва уй-жойларга хавф сола бошлаган.
Ҳозирда оловни ўчиришга 550 дан ортиқ ўт ўчирувчи жалб этилган. Лос-Анжлес мэри Карен Басс ваколатли идоралар вазиятни диққат билан кузатаётганини ва Вентура округи экипажларига ёрдам бериш учун қўшимча кучлар сафарбар қилинганини маълум қилган. Шамол сусайиши кутилаётган бўлса-да, Миллий об-ҳаво хизмати сешанба куни эрталаб яна шамол кучайишидан огоҳлантирмоқда.
Вентура округи шерифининг фавқулодда вазиятлар хизмати 13 000 дан ортиқ аҳоли учун мажбурий эвакуация буйруқларини эълон қилган. Эвакуация қилинган аҳоли учун Ранчо Санта Сусана жамоат боғида вақтинчалик эвакуация пункти ва тунаш учун фавқулодда бошпана ташкил этилган. Шунингдек, уй ҳайвонлари ва отлар учун алоҳида бошпаналар ҳам бор.
Ҳаво сифати ёмонлашгани боис, мактабларда машғулотлар тўхтатилган. Жанубий Соҳил ҳаво сифатини бошқариш округи расмийлари "Сенди" ёнғини ҳамда қўшни Санта-Роса оролида 5665 гектардан (14 000 акрдан) ортиқ майдонни вайрон қилган бошқа бир ёнғин туфайли Лос-Анжлес ва Вентура округлари ҳудудида кучли тутун ҳақида огоҳлантириш эълон қилган.
Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом Федерал фавқулодда вазиятларни бошқариш агентлиги (FEMA) томонидан оловни жиловлаш ва оқибатларини бартараф этиш учун Калифорния штатига махсус молиявий грант ҳамда федерал ёрдам ажратилганини эълон қилган. Ҳозирда қидирув-қутқарув ва ўт ўчириш ишлари давом этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас