Загрузка
Загрузка
Шавкат Мирзиёев Бокуда ўтаётган Бутунжаҳон урбанизация форумида бешта муҳим ташаббусни илгари сурди
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Бокуда ўтаётган Бутунжаҳон урбанизация форумида бешта муҳим ташаббусни илгари сурди

11
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ташкил этилган Бутунжаҳон урбанизация форуми 13-сессиясининг Етакчилар саммитида иштирок этди. Давлат раҳбари ўз нутқида дастлаб ушбу нуфузли тадбир "Каспий дурдонаси" бўлмиш гўзал Боку шаҳрида юқори даражада ташкил этилгани ва кўрсатилаётган самимий меҳмондўстлик учун Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга чуқур миннатдорлик билдирди ҳамда Озод қилинган Қорабоғ заминида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларига Ўзбекистон доим муносиб ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.

Президент ўз нутқида икки миллион аҳолига мўлжалланган ва замонавий шаҳарсозликнинг "яшил", "ақлли", "хавфсиз" ҳамда "15 дақиқали шаҳар" тамойиллари асосида барпо этилаётган "Янги Тошкент" мегалойиҳасини амалга оширилаётган урбанизация стратегиясининг яққол намунаси сифатида тил олиб, унинг биринчи босқичининг ўзидаёқ 25 миллиард доллардан ортиқ инвестиция лойиҳалари бошланганини маълум қилган. Бу каби лойиҳалар мамлакатнинг барча ҳудудларида "Янги Ўзбекистон" массивлари номи остида амалга оширилмоқда; ҳозиргача 61 та ана шундай массив бунёд этилган бўлса, 2030 йилга бориб уларнинг сони 100 тага етказилади.

Шавкат Мирзиёев соҳадаги глобал муаммоларни ҳал этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида бешта муҳим ташаббусни илгари сурган. Биринчидан, кичик ва ўрта шаҳарларни уйғун ривожлантириш орқали аҳоли учун тенг шароит яратиш мақсадида "мутаносиб урбанизация" тамойилини кенг жорий этиш таклиф қилинган. Иккинчидан, шаҳар бошқарувида сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан барча давлатлар тенг фойдаланиши учун халқаро "Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси"ни тузиш ташаббуси илгари сурилган. Учинчидан, ёшлар ва эҳтиёжманд қатламни арзон уй-жой билан таъминлашдаги янгича ёндашувларни муҳокама қилиш учун келгуси йили Самарқанд шаҳрида халқаро форум ўтказишга тайёрлик билдирилган. Тўртинчидан, шаҳарларнинг табиат билан уйғун ривожланишини рағбатлантириш мақсадида БМТ-Ҳабитатнинг "Яшил шаҳар" халқаро мукофотини таъсис этиш таклиф этилган. Бешинчидан, барқарор ривожланишда ўзини ўзи бошқариш тизимларининг ролини ошириш мақсадида Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини 2030 йилда Янги Тошкент шаҳрида ўтказиш ҳамда унинг бош мавзусини "Шаҳарларнинг барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни" деб номлаш таклифи ўртага ташланган. 

Ўзбекистон раҳбари нутқи якунида форум ишига улкан муваффақиятлар тилаган.

Маълумот учун Ўзбекистонда уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш ва давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида Президент қарори билан "Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси" ташкил этилганди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...