Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Бухоро шаҳрида вояга етмаган ёшлардан иборат уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Мазкур гуруҳ аъзолари ижтимоий тармоқлардаги арзимаган тортишувлар ортидан кўчада безорилик қилиш ва жиноий гуруҳ ("кўча бўлиш") тузишга ҳавас қилиб келишган.
Аниқланишича, навбатдаги зўравонлик ҳолати Бухоро шаҳрининг Самарқанд кўчасида содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда ўзаро гап талашиб қолган ўсмирлар масалани ҳал қилиб олиш учун учрашув белгилашган. Белгиланган жойга келган жабрланувчиларни 10-15 нафардан иборат спортчи ёшлар гуруҳи кутиб олиб, уларни шафқатсизларча дўппослашган.
Оқибатда жабрланувчилар бошқарувида бўлган оқ рангли Nexia автомобилига ҳам жиддий шикаст етказилган. Бундан ташқари, жанжал давомида айрим гумонланувчилар ўзлари билан олиб келган кастет каби совуқ қуроллардан фойдаланиб, фуқароларга жароҳат етказишган. Жиноий ҳаракатларни содир этгач, улар воқеа жойидан яширинишган.
Ички ишлар органлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноятга алоқадор бўлган жами 13 нафар гумонланувчи шахс аниқланган. Тергов материалларига кўра, жиноятларнинг келиб чиқишига 17 ёшли Бухоро шаҳрида туғилган Ҳаётов Самандар Ҳамид ўғли ҳамдаТурсунов Музаффар Илҳом ўғли асосий сабабчи бўлишган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчи ёшларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми "а" банди (оммавий тартибсизлик ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Гумонланувчилардан бирининг онаси фарзандининг тарбиясига беэътибор бўлганидан қаттиқ пушаймонлигини билдириб, барча ота-оналарни фарзандлари кимлар билан дўстлашаётгани, телефонда нималар билан бандлиги ва ўқув марказларига қандай бориб келаётганини қаттиқ назорат қилишга чақирган.
Бухоро вилояти ИИБ агар ушбу жиноий гуруҳ аъзоларидан жабр кўрган фуқаролар бўлса, ИИБнинг 11-02 қисқа рақамига ёки (65) 220-11-19 телефон рақамларига қўнғироқ қилиб хабар беришларини сўраган.

Изоҳлар мавжуд емас