Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ҳукуматнинг 2026 йил 18 майдаги 250-сонли қарори билан "Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида"ги низом тасдиқланди. Мазкур низом халқаро олимпиадани ташкил этиш ва уни юқори савияда ўтказиш қоидаларини белгилаб беради.
Халқаро олимпиадада хорижий давлатларда истиқомат қилувчи, ватандош бўлган 14–18 ёшдаги мактаб ўқувчилари қатнашишлари мумкин. Улар мусобақада якка тартибда ёки жамоавий тарзда, ихтиёрий асосда иштирок этадилар. Олимпиада ҳам оффлайн, ҳам онлайн шаклда ташкил этилиши кўзда тутилган.
Ҳар бир хорижий давлатдан 3 тагача терма жамоа иштирок этишига рухсат берилади. Терма жамоалар таркиби эса кўпи билан 6 нафар иштирокчи ва 1 нафар жамоа раҳбаридан иборат бўлиши лозим.
Нутқ ва тил маҳоратини синовдан ўтказувчи ушбу олимпиада ҳар йили октябрь ойига қадар 2 та босқичда ташкил этилади:
- 1-босқич (Тест): Бу босқичда иштирокчиларга 30 та тест топшириғи тақдим этилади. Олинган билимлар умумий ҳисобда 50 баллик тизимда баҳоланади.
- 2-босқич (Ёзма иш): Ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларга 5 тагача эссе (ёзма иш) мавзулари таклиф этилади. Иштирокчилар қуръа ташлаш йўли билан аниқланган 1 та мавзу устида ўзларининг ижодий ишларини ёзадилар.
Олимпиада якунида юқори натижа кўрсатган ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан олтин, кумуш, бронза медаллари, шунингдек, махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланадилар.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Оксфорд университетининг "Осиё ва Яқин Шарқ тадқиқотлари" факультетида ўзбек ва эски ўзбек тиллари ўрганилиши йўлга қўйилганди.

Изоҳлар мавжуд емас