Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. ShinyHunters хакерлар гуруҳи АҚШ Федерал тергов бюросининг ишга қабул қилиш порталига ҳужум қилиб, амалдаги ва собиқ ходимлар ҳамда Федерал тергов бюросида ишлаш учун ариза берган шахсларга тегишли маълумотларни ўғирлаганини билдирди. Федерал тергов бюроси эса FBIjobs.gov сайтига нисбатан рухсатсиз фаоллик ҳақидаги хабарларни текшираётганини маълум қилди.
Гуруҳ 22 сентябрь куни ҳужум Федерал тергов бюросининг 2026 йил май ойида ShinyHunters фаолияти ҳақида эълон қилган материалига жавоб сифатида амалга оширилганини айтган. Хакерлар "Федерал тергов бюроси агентларининг деярли барчаси" ва ишга кириш учун ариза берган шахслар ҳақидаги маълумотларни қўлга киритганини даъво қилган.
ShinyHunters тахминан 5 минг нафар агентга оид маълумотларни далил сифатида тақдим этган. Уларда исмлар, уй манзиллари, ижтимоий таъминот рақамлари, лавозимлар ва айрим ҳолларда оила аъзолари ҳақидаги маълумотлар борлиги айтилган.
Reuters маълумотларнинг айримларини бошқа манбалар билан солиштириб, камида 10 ҳолатда, жумладан Федерал тергов бюроси директори Кэш Пателга тегишли маълумотларда мосликлар аниқланганини хабар қилган. Бироқ агентлик маълумотлар айнан Федерал тергов бюросининг ички тизимларидан ўғирланганини тасдиқлай олмаган.
Федерал тергов бюроси ҳам ҳозирча ҳужумнинг кўлами ва маълумотлар ҳақиқатан ўғирлангани ҳақида батафсил маълумот бермаган.
ShinyHunters сўнгги йилларда йирик компаниялар ва ташкилотларга қилинган киберҳужумлар билан танилган гуруҳлардан бири ҳисобланади. Ҳозирда Федерал тергов бюроси ҳодиса бўйича текширув олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқароларнинг банк карталари ва ҳисоб рақамларидаги маблағларни хакерлик ҳужуми орқали ўзлаштиришга уринган жиноий гуруҳ фош этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас