Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Литва Миграция департаменти директори Индре Гаспере Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари учун ташқи хизмат кўрсатиш марказлари орқали ишга жойлашиш ва мамлакатга кириш ҳужжатларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилганини маълум қилди.
Ушбу қарор 2026 йил 22 сентябрь куни минтақадан келаётган меҳнат мигрантлари сони кескин ортгани ва ишга жойлашиш бўйича мурожаатлар сони ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани сабабли қабул қилинган.
Мазкур чеклов Литвада учинчи давлатлардан келадиган ишчилар учун 2026 йилга белгиланган 24 706 кишилик йиллик квота сентябрь ойи бошида тўлиқ тўлганидан сўнг жорий этилган.
Эндиликда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома фақат алоҳида истисно ҳолларда, масалан, белгиланган юқори иш ҳақи талаблари бажарилгандагина берилади.
Статистик маълумотларга кўра, 2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра Литвада 227 мингга яқин хорижлик амалдаги яшаш рухсатномасига эга бўлиб, уларнинг қарийб 13 минг нафарини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этган.
Маълумот учун, Литва ҳукумати илгари ҳам минтақадаги назоратни кучайтирган бўлиб, 2025 йилнинг октябрь ойида Душанбедаги ташқи хизмат кўрсатиш маркази фаолиятини тўхтатган эди.
Эслатиб ўтамиз, Латвия Литва ва Беларусь чегарасида қамалда қолган Ўзбекистон юк транспорти учун транзит йўлагини очган эди.

Изоҳлар мавжуд емас