Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Вазирлар Маҳкамасининг 508-сонли қарори билан Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини вақтинча сақлаб туриш жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Янги тартибга мувофиқ, транспортни жарима майдончасига жойлаштириш ва чиқариш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилиб, "Жарима майдончаси" модули орқали амалга оширилади.
Транспортни бошқаришдан четлаштириш назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганда, автомашиналар жарима майдончасига фақат махсус техника воситалари (эвакуатор, манипулятор) ёрдамида олиб келинади.
Транспортни жарима майдончасидан чиқаришга эса сабаблар бартараф этилгач, мансабдор шахслар томонидан модуль орқали расмийлаштирилган ва QR-код билан тасдиқланган электрон рухсатнома асосида 1 иш куни ичида ижозат берилади.
Бунда ҳайдовчига тегишли қарор ва рухсатнома ҳақида телефон орқали қисқа хабар юборилади. Модуль орқали расмийлаштирилмаган қоғоз ёки бошқа турдаги рухсатномалар билан транспорт воситаларини жарима майдончасидан чиқариб юбориш қатъиян тақиқланади.
Олдинроқ Тошкент мактаблари олдида болаларни тушириб қолдириш учун махсус тўхташ жойлари ташкил этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас