Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Конго Демократик Республикаси (КДР) Алоқа ва ОАВ ишлари бўйича вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, мамлакат шарқида Эбола безгаги билан касалланганлар сони кескин ортиб, 1 003 нафарга етган. Олиб борилган тиббий кузатувлар ва берилган ҳисоботларга кўра, эпидемия бошлангандан буён ушбу хавфли вирус оқибатида вафот этганлар сони 254 нафарни ташкил этмоқда.
Ҳозирги вақтда тиббий кўрсаткичлар бўйича касалликдан ўлим даражаси (леталлик) 25,3 фоизни ташкил этмоқда. Махсус шифохоналар ва тиббий изоляторларда 365 нафар бемор қатъий назорат остида даволанмоқда. Шу билан бирга, шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида 100 нафар бемор вирусни тўлиқ енгиб ўтиб, соғайишга муваффақ бўлган. Вазирлик шифохоналарда соғайиш кўрсаткичлари ижобий томонга ўзгараётганини қайд этган бўлса-да, касаллар билан алоқада бўлганларни кузатиш ва аниқлаш даражаси 58 фоизгача тушиб кетганидан хавотир билдирмоқда.
Мазкур Эбола эпидемияси жорий йилнинг 15 май куни Конго шарқидаги Итури провинциясида бошланган бўлиб, қисқа вақт ичида вируснинг кенг тарқалиш ўчоғига айланган. Мазкур ҳудуддаги тиббий воситаларнинг етишмовчилиги, антисанитария ҳолати ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги тушунмовчиликлар вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Бундан ташқари, Эбола билан касалланиш ва ўлим ҳолатлари Конгога қўшни бўлган Уганда давлати ҳудудида ҳам рўйхатга олинган бўлиб, бу вируснинг минтақавий миқёсда тарқалиш хавфини янада оширмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас