Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қирғизистондаги шов-шувли истеъфолардан сўнг, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам мамлакат Миллий хавфсизлик вазирини лавозимидан озод этиб, соҳага янги раҳбар тайинлади.
Давлат хавфсизлик кенгаши йиғилишида қабул қилинган қарорга кўра, Миллий хавфсизлик вазири Назар Атагараев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан четлатилган. Унинг ўрнига илгари Президент хавфсизлик хизматини бошқарган майор Давлетгелди Мередов Туркманистон Миллий хавфсизлик вазири этиб тайинланган. Мазкур вазирлик мамлакатда разведка, давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши курашиш учун масъул бўлган энг асосий орган ҳисобланади.
Айтиш керакки, Сердар Бердимуҳамедов 13 февраль куни истеъфога чиқиш ва давлат лавозимларига тайинлаш тўғрисидаги 50 дан ортиқ фармон ва қарорларни имзолаган. Уларга кўра, 2 нафар бош вазир ўринбосарлари ўз лавозимларидан айрилди. Шунингдек, бир қатор бошқа вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳам истеъфога чиқарилди.
Туркманистондаги бу ўзгаришлар Қирғизистондаги шов-шувли истеъфолар фонида юз бермоқда. Хусусан, 10 февраль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни ва унинг барча ўринбосарларини лавозимидан озод этган эди.
Шунингдек, Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби, Парламент спикери ва Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари ҳам ўз лавозимларини тарк этган. Икки қўшни давлатнинг куч ишлатар тизимларидаги бундай кескин кадрлар алмашинуви Марказий Осиёдаги сиёсий ва хавфсизлик соҳасидаги муҳим ўзгаришлардан далолат беради.

Изоҳлар мавжуд емас