Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қоҳира жиноят суди 39 ёшли телебошловчи Сара Халифа ва яна 11 нафар шахсни гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний тайёрлаш ҳамда тарқатишда айбдор деб топиб, ўлим жазосига ҳукм қилди. Мазкур жиноят иши бўйича умумий ҳисобда 28 киши айбланаётган эди.
Суд қарорига кўра, яна тўққиз нафар судланувчи умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган, етти киши эса тўлиқ оқланган. Маҳкумлар ушбу ҳукм устидан кассация судига шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, телебошловчи ва унинг бир неча шериклари одам ўғирлаш ҳамда ҳужум қилиш бўйича очилган алоҳида иш доирасида қўшимча беш йиллик қамоқ жазосини олган.
Тергов маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ аъзолари мамлакатга гиёҳвандлик моддалари компонентларини ноқонуний олиб кириб, уларни лабораторияга айлантирилган турар-жой биносида қайта ишлаган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу хонадондан 750 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари, уларнинг хомашёси, шунингдек, қурол ва ўқ-дориларни мусодара қилган.
Илгари телевидениеда жиноятчиликка қарши курашга бағишланган кўрсатув олиб борган Сара Халифа 2025 йилнинг апрель ойида ҳибсга олинган эди. Миср қонунчилигига кўра, гиёҳванд моддалар савдоси, терроризм ва қасддан одам ўлдириш сингари оғир жиноятлар учун ўлим жазоси қўлланилади.
Эслатиб ўтамиз, Туркияда ҳам машҳур шахсларга нисбатан гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш, сотиш ва сақлаш айблови билан кенг кўламли операция ўтказилганди. Бейкоз республика бош прокуратураси томонидан юритилаётган тергов доирасида Симге Сағин, Иброҳим Челиккол, Мелек Моссо, Мустафо Жежели каби жами 9 нафар танилган санъаткор қўлга олинган эди.

Изоҳлар мавжуд емас