Непалда кучли сув тошқини оқибатида камида 160 киши ҳалок бўлди, юзлаб одам бедарак
Дунё

Непалда кучли сув тошқини оқибатида камида 160 киши ҳалок бўлди, юзлаб одам бедарак

35

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Непал ва Хитойнинг Тибет автоном ҳудуди чегарасида муз-қоя кўчкиси ортидан келиб чиққан кучли сув тошқини оқибатида камида 160 киши ҳалок бўлди. Непалда 403 нафар сайёҳ бедарак йўқолган, уларнинг 341 нафари хорижликлар экани маълум қилинди. 

Непал полицияси 157 нафар шахснинг жасади топилганини билдирган. Мамлакат Туризм вазирлиги маълумотига кўра, бедарак йўқолган хорижликлар орасида 142 нафар Ҳиндистон фуқароси, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Малайзия, Австралия, Нидерландия, Португалия, Жанубий Африка ва Жанубий Корея фуқаролари бор. 

Ҳодиса Непалнинг Тибет билан чегарадош Расува туманидаги тоғли ҳудудларда катта вайронагарчиликларга сабаб бўлган. Кучли сув оқими қишлоқлар, йўллар, кўприклар ва электр инфратузилмасига зарар етказган. 

Непал полицияси вакиллари 28 нафар полиция ходими ҳам бедарак йўқолганини маълум қилган. Қутқарув ишларига армиянинг вертолётлари ва фавқулодда вазиятлар бўйича гуруҳлар жалб этилган. 

Бироқ сув сатҳи жуда баланд бўлгани сабабли қутқарув вертолётлари Сяпру-Беси ва Тимуре ҳудудларига қўна олмаган. Расува тумани маъмурияти Бхоте-Коши дарёси бўйларида яшовчи аҳолини хавфсизроқ, баланд ҳудудларга кўчишга чақирган. 

Қўшни Тибет ҳудудида ҳам қурбонлар бор. Хитой расмийлари Жиронг уездида камида уч киши ҳалок бўлганини, 265 киши бедарак йўқолганини билдирган. Давлат ахборот агентлиги маълумотларига кўра, кўчки Хитой–Непал чегарасидаги Жиронг портига зарар етказиб, йўллар, алоқа ва электр таъминотини узган. 

Хитой раиси Си Цзиньпин бедарак йўқолганларни қидириш бўйича барча зарур чораларни кўришга чақирган. Шунингдек, у иккинчи даражали офатларнинг олдини олиш учун мониторинг ва эрта огоҳлантириш тизимларини кучайтириш зарурлигини таъкидлаган. 

Непал Бош вазири Балендра Шах аҳолини бирдам бўлишга чақириб, ҳукумат қутқарув, даволаш, озиқ-овқат ва бошпана билан таъминлаш учун тўлиқ масъулиятни ўз зиммасига олганини билдирган. 

Фалокат оқибатида мамлакатнинг электр энергетика тизими ҳам жиддий зарар кўрган. Непал Электр энергетика бошқармаси тахминан 430 мегаватт ишлаб чиқариш қуввати, жумладан, гидроэлектр ва қуёш электр станциялари зарарланганини маълум қилди. 

Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги эса Непалда гидроэлектр станцияси қурилишида ишлаётган саккиз нафар кореялик ходим бедарак йўқолганини, яна 10 нафари ҳудудда қолиб кетганини билдирган. Улар Korea Energy ва Doosan Enerbility компанияларида ишлаган. 

Фалокатнинг аниқ сабаби ҳозирча расман тасдиқланмаган. Бироқ Непалдаги Халқаро тоғларни комплекс ривожлантириш маркази мутахассислари сув тошқинига музликдан кўчган муз-қоя массаси сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтган. 

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Конго Демократик Республикаси шарқидаги Шимолий Киву провинциясида жойлашган Рубая конида юз берган кучли кўчкида ҳам камида 227 кишининг ҳаётига зомин бўлганди.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...