Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.Озарбайжон Миллий Мажлиси учинчи ўқишда "Ахборот, ахборотлаштириш ва ахборотни ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунга киритилаётган янги ўзгартиришларни маъқуллади. Унга кўра, мамлакатда 16 ёшга тўлмаган шахсларнинг ижтимоий тармоқлар ва турли платформаларда шахсий рақамли аккаунтлар яратишига йўл қўйилмайди. Янги тартиб қонун расман эълон қилинганидан кейин 12 ой ўтгач кучга киради.
Янги талабларга кўра, чеклов жорий этиладиган платформалар рўйхати тегишли ижроия ҳокимияти органи томонидан белгиланади. 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирларнинг рўйхатдан ўтиши учун эса уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари) розилиги талаб этилади.
Провайдерлар фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш учун қуйидаги изчил техник усулларни қўллаши шарт:
-
Фойдаланувчи томонидан ёшнинг маълум қилиниши;
-
Кўрсатилган ёшни аниқлаштириш, шунингдек, 16–18 ёшли боланинг қонуний вакили розилигини олиш учун банк картаси маълумотлари, электрон почта манзили ва мобил телефон рақамини тақдим этиш.
Ёшни текшириш жараёнида провайдер кўрсатилган электрон почта ва телефон рақамига сўров юборади, шунингдек, банк картасидан маблағ ечиб олиш ва уни қайта қайтариш орқали идентификацияни амалга оширади. Агар фойдаланувчининг 16 ёш ва ундан катта эканлиги тасдиқланса, аккаунт яратишга рухсат берилади.
16 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг аккаунтларида жойлаштириладиган контент ва реклама доираси, шунингдек, платформадан фойдаланиш вақти уларнинг қонуний вакиллари томонидан назорат қилинади. Бунинг учун провайдерлар махсус функционал тизимни таъминлаши керак. Фойдаланувчининг ёши бўйича шубҳалар туғилганда, қайта текширув ўтказилади ва қоидабузарлик аниқланса, аккаунт зудлик билан чекланади.
Провайдерларга ёшни текшириш мақсадида йиғилган шахсий маълумотларни сақлаш, учинчи шахсларга бериш ёки улардан тижорат (мақсадли реклама) учун фойдаланиш тақиқланади. Текширув тугагач, бу маълумотлар зудлик билан ўчирилиши шарт. Шунингдек, болалар учун хавфли контент аниқланган тақдирда, провайдернинг техник муносабат билдириш вақти 24 соатдан ошмаслиги белгиланган.
Қонун кучга киргач, провайдерлар 16 ёшга тўлмаган болаларга тегишли мавжуд аккаунтларга киришни чеклаши, ёшни тасдиқловчи маълумотлар берилмаган тақдирда эса ушбу профилларни ва шахсий маълумотларни бутунлай ўчириб ташлаши мажбурий этиб белгиланди.

Изоҳлар мавжуд емас