Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистон Энергетика ва Ташқи ишлар вазирликлари Қора денгиздаги Каспий қувур консорциуми (КҚК) терминалида қозоқ нефтини ортиш билан шуғулланаётган фуқаролик танкерларига дронлар орқали қилинган ҳужумларни кескин қоралаб, расмий баёнот берди.
19 июль куни юз берган инцидент оқибатида танкерларда чиққан ёнғин экипаж томонидан ўчирилган, жабрланганлар ва атроф-муҳитга нефт тўқилиши ҳолатлари қайд этилмаган.
Ҳодиса оқибатида ASIA ва NISSOS IOS танкерларига зарар етган. Қозоғистон энергитика вазирлиги маълумотига кўра, ВПУ-1 ва ВПУ-3 сув ости мосламалари шикастланмаган, бироқ вазиятни тўлиқ баҳолаш якунлангунига қадар нефт ортиш амалиётлари вақтинча тўхтатилган. Вазирлик бу каби ҳаракатларни халқаро энергетика хавфсизлиги ва савдосига таҳдид деб атади.
Қозоғистон ТИВ ушбу ҳужумларни мамлакатнинг иқтисодий манфаатларига ва глобал таъминот занжирига қарши қаратилган қасддан қилинган ҳаракат сифатида баҳолаган. Вазирлик фуқаролик кемаларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича келишилган ахборот алмашинуви механизми инобатга олинмаганидан хавотир билдириб, ҳужумларни зудлик билан тўхтатишни талаб қилган.
Шунингдек, расмий Астана етказилган зарарни баҳолаш ишлари олиб борилаётганини ва халқаро ҳуқуқ доирасида товон талаб қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини маълум қилган.
Маълумот учун, бу Қора денгизда Қозоғистон нефтини ташувчи сув кемаларига қилинган ягона ҳужум эмас. Аввалроқ, 18 июль куни Nordic Zenith танкерига, шунингдек, 2026 йилнинг 13 январида КҚК терминали томон ҳаракатланаётган учта танкерга дронлар орқали ҳужум уюштирилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас