Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШнинг Луизиана штатида содир бўлган отишма оқибатида 8 нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Шривпорт шаҳри полицияси бошлиғи Уэйн Смит маълум қилди.
Ҳодиса якшанба куни эрталаб бир неча уйда содир бўлган бўлиб, у маиший можаро билан боғлиқ экани айтилмоқда. Жами 10 нафар шахс ўққа тутилган, улар орасида 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ҳам бор.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, гумонланувчи ҳодиса жойидан қочиш чоғида автомобилни ўғирлаб кетган. Кейинчалик полиция таъқиби давомида у ўққа тутилган ва ҳалок бўлган.
Тергов маълумотларига кўра, жабрланган болаларнинг айримлари гумонланувчига қариндош бўлган бўлиши мумкин.
Ҳодиса бир вақтнинг ўзида учта турли манзилда содир бўлгани сабабли, жиноят жойи жуда катта ҳудудни қамраб олган. Расмийлар ҳозирча барча ҳолатларни ўрганмоқда.
Луизиана штати полицияси терговга жалб этилган ва фуқаролардан мавжуд фото, видео ёки маълумотларни тақдим этишни сўраган.
Полиция бошлиғи ушбу воқеани "кўпчилик ҳаётида учрамайдиган даражада оғир ва кенг қамровли ҳодиса" деб таърифлаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг Род-Айленд штати, Провиденс шаҳридаги Браун университети ҳудудида содир бўлган оммавий отишма оқибатида, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, талаба МуҳаммадАзиз Умурзоқов ҳалок бўлганди. Отишмада жами икки киши ўлган ва тўққиз киши яраланган. Ҳодиса юзасидан гумон қилинувчи шахс полиция томонидан қўлга олинган.

Изоҳлар мавжуд емас