Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Германиялик олимлар Сатурннинг Энцелад йўлдошида яшаши мумкин бўлган микроорганизмни лаборатория шароитида синаб кўрди. Тажрибада архея деб аталувчи бир ҳужайрали организм Энцелад океани тубига ўхшатиб яратилган муҳитда ўсишни давом эттирган ва метан ишлаб чиқарган.
Мюнхен Людвиг-Максимилиан университети, Регенсбург университети ва Берлин Эркин университети тадқиқотчилари Энцеладнинг муз остидаги океанида мавжуд бўлиши мумкин бўлган шароитларни махсус камерада қайта яратган.
Олимлар тахминига кўра, Энцеладнинг муз қатлами остида суюқ сувдан иборат океан, унинг тубида эса тошли ядро мавжуд. Лаборатория тажрибасида Ернинг чуқур сув ҳудудларида яшайдиган архея ана шу муҳитга жойлаштирилган.
Тадқиқот натижасида микроорганизм водород ва карбонат ангидриддан энергия олиб, ўсишни давом эттирган. У сув ва тоғ жинслари ўртасидаги кимёвий реакциялар натижасида ҳосил бўлган водороддан фойдаланиб, метан ҳам ишлаб чиқарган.
Олимларнинг таъкидлашича, архея Энцелад шароитида карбонат ангидрид миқдори жуда кам бўлишига қарамай мослаша олган. Бу йўлдошнинг геокимёвий муҳити микроб ҳаёти учун аввал ўйланганидан ҳам қулайроқ бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Тадқиқот 25 сентябрь куни Science Advances журналида эълон қилинган.
Шу билан бирга, олимлар тажриба Энцеладда ҳаёт мавжудлигини исботламаслигини таъкидлаган. Тадқиқот фақат йўлдошдаги айрим шароитлар Ердаги қадимий микроорганизмларнинг ҳаёт фаолиятига мос келиши мумкинлигини кўрсатади.
Энцелад ҳозирда Ердан ташқари ҳаёт излаш учун энг истиқболли осмон жисмларидан бири сифатида қаралмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас