Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ака укасини пичоқлаб ўлдирди. У жиноятни яшириш мақсадида укасининг жасадини кўмиб, кейин эса уни бошқа жойга кўчиришга уринган. Суд унга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Маълум бўлишича, 36 ёшли эркак 28 ёшли укаси билан Оҳангарон туманидаги хонадонлардан бирида яшаган. 2026 йил январь ойида ака-ука ўртасида жанжал келиб чиққан.
Воқеа куни спиртли ичимлик истеъмол қилган укаси автомобиль сотиб олмоқчи эканини айтган ва телефон орқали машина расмини акасига кўрсатган. Акаси эса аввал Мажбурий ижро бюросидаги қарзини тўлаши кераклигини айтган.
Шундан сўнг маст ҳолдаги ука акаси ва унинг турмуш ўртоғидан уйни тарк этишни талаб қилган. Жанжал давомида ака ошхона пичоғи билан укасининг бўйнига уч марта зарба берган. Жабрланувчи кўп қон йўқотиши оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Жиноятни яшириш мақсадида ака укасининг жасадини ҳовлида олдиндан қазилган чуқурга ташлаб, кўмиб қўйган. Эртаси куни эса синглисига укаси уйдан чиқиб кетгани ва қайтиб келмаганини айтган.
Укасидан дарак бўлмагач, синглиси 23 январь куни ички ишлар органларига мурожаат қилган. Ходимлар хонадонга келиб, ҳовлидаги чуқур устидаги тупроққа эътибор қаратган. Акасининг айтишича, бу чуқур анча йилдан бери бор бўлиб, ундан чиқиндиларни ёқиш учун фойдаланилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари кетганидан кейин ака ўзининг шубҳа остида қолганини англаган ва жасадни бошқа жойга кўчиришга қарор қилган. У қамоққа олинишдан қўрқиб, турмуш ўртоғи билан Тошкентдан чиқиб кетмоқчи бўлган вақтда ички ишлар ходимлари томонидан ушланган.
Кейинчалик у жиноятни тан олган ва укаси жасадининг қисмлари яширилган жойларни кўрсатган.
Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар судида кўрилган иш якунига кўра, эркак Жиноят кодексининг 97-моддаси иккинчи қисми "в", "ж" бандлари ҳамда 134-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.
Суд унга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини берган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
Кеча Бухорода ўғил оилавий низо сабаб ота-онасини ёқиб юборгани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас