Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти 15 апрель — Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида соҳадаги ислоҳотлар натижалари ва истиқболдаги муҳим мақсадларни очиқлади.
Давлат раҳбари ўз мурожаатида маданият соҳаси нафақат маънавий пойдевор, балки мамлакат иқтисодиётининг ажралмас қисмига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлаган. Хусусан, кейинги йилларда тизимда 2 та янги театр, 16 та музей ва 5 та ихтисослашган олийгоҳ ташкил этилгани, 125 та тарихий мерос объекти қайта тиклангани соҳага қаратилаётган юксак эътибор намунаси сифатида қайд этилган. Шунингдек, ўтган давр мобайнида соҳа ходимларининг иш ҳақи ўртача 35 фоизга оширилиб, ижодкорлар учун қатор халқаро ва миллий мукофотлар таъсис этилган.
Президент маданий дипломатия соҳасидаги ютуқларга тўхталар экан, ўзбек санъатининг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганини мамнуният билан тилга олган. Хусусан, миллий балет жамоасининг Австриядаги муваффақиятли чиқишлари ва яқинда Венада Амир Темур бобомизнинг 690 йиллигига бағишланган опера асари намойиш этилгани бунинг яққол тасдиғидир. Кино санъатида ҳам силжиш кузатилиб, "Тирик тарих" лойиҳаси доирасида бир йилнинг ўзида 123 та фильм тайёрланган.
Табрикда соҳанинг келажагига оид стратегик мақсад ҳам эълон қилинган: янги ташкил этилаётган Креатив индустрия парки орқали 2030 йилгача маданият ва санъат соҳасининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 5 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Шавкат Мирзиёев ўз сўзи якунида давлат томонидан соҳа фидоийларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш ишлари изчил давом эттирилишини таъкидлаган.

Изоҳлар мавжуд емас