Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Навоий вилоятидаги "Тўдакўл" дам олиш масканида ўтказилган концерт дастури вақтида содир бўлган ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлганди. Видеолавҳада 25 ёшли эркак жамоат жойида устки кийимларини ечиб, 2 минг сўмлик пул қоғозини намойишкорона йиртгани акс этган эди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу шахс тезкор тарзда аниқланиб, ушланган. Суд мажлисида у ўз айбини тўлиқ тан олган ва қилмишини спиртли ичимлик таъсирида ўзини назорат қила олмагани билан изоҳлаган.
Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг майда безориликка оид моддаси бўйича айбдор деб топиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузар махсус қабулхонада сақланиши билан боғлиқ 927 минг сўм харажатни ҳам тўлаши белгиланган.
Дастлаб ички ишлар органлари унга давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш моддасини ҳам қўллашни таклиф қилган. Бироқ суд миллий валюта давлат рамзлари қаторига кирмаслигини инобатга олиб, мазкур моддани қўлламаган.

Изоҳлар мавжуд емас